БОШ МУФТИНИНГ МУРОЖААТИ

238 көрілім

Ҳурматли жамоат!

Надоматлар бўлсинким, бу йил ҳам хосиятли Рамазон ойини пандемия вазиятида ўтказишга мажбурмиз. Юқумли касалликдан сақланиш, чекланиш орқалигина енгиш мумкинлигини аниқ англадик. Шу ўринда сизларни ифторлик пайтида, ибодат пайтида санитария талабларига қатъий риоя қилишга чақираман.

Саломатлик – энг қиммат неъмат. Аллоҳнинг инсониятга берган омонати. Шу ўринда, ёши олтмишдан ошган ака-опаларимни рўза амалидан аввал тиббий текширишдан ўтиб, шифокорнинг тегишли маслаҳатини олишга даъват этаман. Катта ёшдаги ва балоғатга тўлмаган фуқаролардан мураккаб аҳвол барқарорлашгунча масжидга бормасдан тоат-ибодатни уйда бажаришини сўраймиз.

Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси рамазон ойида айтиладиган панд-насиҳат, савол жавоб ишларини онлайн тартибда амалга оширишни давом эттиради. Қуръон хатим маросимлари ҳам масофадан ўқилади.

Интернет тармоғи орқали саволга жавоб олиб, онлайн маслаҳат тинглаб уйдан чиқмасдан савобли амалларни бажаришга бўлади. Биз ҳозирги шароитни эътиборга олиб ўтган йили амалга оширган лойиҳамиз бўйича фитр садақаси билан закотни онлайн тартибда беришнинг қулай йўлини такроран тавсия этамиз.

Қадрли қавм!

Сизларни пандемия вазиятида имкон қадар сақланиб, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормасликка,  рўзадор бўлгач эса тўғри овқатланишга, имконича иш рўйхатини мувофиқлаштириб саломатликка эътибор беришга чақираман.

Хосиятли ойда саховат қилиб савоб олишни ният қилган кишиларга айтадиганим: Ифторлик қутиларини кўнгиллилар ёки масжид ходимлари орқали ёрдамга муҳтож фуқароларга етказиш мумкин эканлигини ёдларингизга соламан. Диний бошқарма Рамазон ойида санитария талабларини сақлаган ҳолда хайрия тадбирларини режали равишда амалга оширади. Барчангизни эзгу ишга ҳисса қўшишга даъват этаман!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары