ТУРКИСТОНДА ЯССАВИЙ МАҚБАРАСИНИ ҚУРДИРГАН ҲУКМДОР

654 көрілім

Туркистондаги Рўзбой Йўлдош ўғли Юсупов раҳбарлик қилаётган Амир Темур номли умумий ўрта мактабда соҳибқироннинг таваллудига 685 йил тўлиши шарафига “Амир Темур жаҳон кўламидаги тарихий шахс” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Миллий руҳда ўша даврни акс этувчи манзара йўналишида  безатилган мактаб фойесида мавзуга оид китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Карантин чекловлари сабаб тадбирда иштирок этиш ниятидаги барча меҳмонларни таклиф қилиш иложи бўлмади. Мактаб устозлар жамоаси, шаҳар ҳокимлиги ички сиёсат бўлими қошидаги “Ёшлар имконияти маркази” раҳбари Бахтжан Дукенбаев, Туркистон шаҳар ўзбек этно маданий бирлашмаси қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Тўлқин Саидмуродов, меҳнат фахрийси, устоз Қаҳҳор Мусаевлар туркийлар олами учун муштарак сиймо бўлган соҳибқироннинг жаҳон миқёсидаги бунёдкорлик, илм-маърифат равнақига қўшган ҳиссасини, хусусан, Халқаро туризм маркази ҳисобланадиган Туркистондаги бош ёдгорлик иншоот – Яссавий мақбарасини бунёд этган тарихий шахсни улуғлаб, ушбу довруқли сана билан барчани  муборакбод этишди.

Яқиндагина ўтган Туркистон саммитида Алишер Навоийнинг барча туркийлар учун муштараклиги қайд этилгани каби вақти келиб соҳибқирон Амир Темур сиймоси ҳам туркийлар олами  учун муштарак бўлиши лозимлиги ҳақидаги таклифлар айтилди. Сир эмас, Совет Иттифоқи даврида ҳамма жойда, барча дарсликларда Амир Темур ҳаддан зиёд  салбий шахс сифатида талқин этилди. Лекин, собиқ СССР давлатлари мустақилликка эришгач Амир Темур қадрияти ҳам қайта тикланди.  Унинг жаҳон миқёсидаги, хусусан, Моварауннахр, Турон ўлкасидаги маърифат, қурилиш, ободончилик, меъморчилик соҳаларидаги мислсиз меҳнатлари ўзининг ижобий баҳосини олди. Ҳақиқат эгилди, лекин синмай қайта тикланди.

ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Икромжон Ҳошимжонов туҳфа этган, мактаб фойеси тўрига ўрнатилган соҳибқирон бюсти фахрий меҳмонлар иштирокида тантанали равишда очилди. Амир Темурга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.  Соҳибқирон ҳаётига оид лавҳалар, хусусан, унинг Яссавий мақбарасини бунёд этиш ҳақидаги фармони, бу масъулиятли иш Мавлоно Убайдулло Садирга юкланганлиги, шунингдек, Тўхтамишхоннинг мақбара мулкига тажовуз қилгандаги Амир Темурнинг қўмондон сифатидаги ҳарбий жасорати, хулосалари ўз аксини топган мароқли тарихий саҳна асарлари намойиш этилди. Мактаб устози, жамоат ишларида фаол Рўзмат Камолов одатдагидек Амир Темур образини – ролини қойилмақом ижро этиб ҳукмдорларга хос  жарангдор овози билан ҳаммани ўзига ром этди. Тадбирда Амир Темур тузуклари, васиятлари ҳамда ҳикматлари қозоқ, рус, ўзбек ҳамда инглиз тилларида мактаб устозлари ижросида амалга оширилди. Хусусан, соҳибқироннинг “Адоват эмас адолат енгади”, “Ақлли душман нодон дўстдан афзалроқдир”, “Бир ишни бошлашдан аввал ундан чиқишни ўрган” каби ўгитлари ифодали баён этилди.

Тадбирни ташкил этиш ва ўтказишда мактаб директори Рўзбой Юсупов раҳбарлигида устозлар – Рўзмат Саидакбар ўғли,  Зарифа Икром қизи, Наргиза Зокир қизи,  Салтанат Сайлаубай қизи, Нодира Анорбой қизи, Индира Мурод қизи, Мунаввар Тўхтош қизи,  Шоира Бакаева, Ўғилой Каримжон қизи, Илхом Ибодулла ўғли, Дилмурод Солихон ўғли каби  иқтидорли устозлар Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Икромжон Ҳошимжонов ҳамда Туркистон шаҳар ўзбек этно маданий бирлашмаси раиси Баҳодир Ирсметовларнинг, мактаб маъмуриятининг  “Ташаккурнома”лари билан тақдирланди.

Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы