“ТОТУВЛИК ВА ФАРОВОНЛИККА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ…”

509 көрілім

Кентов шаҳри, Югнак қишлоқ округидаги фаол обуначимиз, «Югнак» деҳқон хўжалиги асосчиси ва муассиси, вилоят оқсоқоллар кенгашининг шу қишлоқдаги вакили, жамоат тотувлиги бирлашмаси раиси, Туркистон шаҳрининг ибратли фуқароси Фарҳод Абдужалил ўғли Абдуллаев билан суҳбатимиз кенг қамровли бўлди.

   – Фарҳод ака, энг аввало жорий йилги деҳқончилик, боғдорчилик ҳақида маълумотларни баён этсангиз.

   – Бизнинг «Югнак» деҳқон хўжалигимизга жами 202 деҳқон бириктирилган. 1400 гектар умумий обикор майдонимизнинг 322 гектарида пахта, 131 гектарида кузги буғдой, 41 гектарида махсари, 70 гектарида жўхори ҳамда 446 гектарида беда етиштирилмоқда. Шунингдек, сабзавот-полиз – қовун-тарвуз 229 гектар майдонда етиштирилмоқда. 133 гектарда боғ ва узумзорларимиз жойлашган. Ўтган йилгига нисбатан деҳқонларнинг кайфияти яхши, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари баҳоси мақбул. Хўжалигимиздаги қишлоқ хўжалиги техникалари эҳтиёжларимизни қоплаб, буюртма асосида қўшни қишлоқларда ҳам хизмат кўрсатмоқда. Обикор деҳқончилик масаласи ҳам ҳал бўлмоқда, қудуқлар ишга туширилмоқда. Бу борада ҳам меҳнат ва яна меҳнат эвазига мувозанат сақланмоқда.

    – Ободончилик масаласида қишлоқда қандай ўзгаришлар бор?

   – Қишлоқ округимиз ҳокими Жўлдас Ўразгелдиули саъй-ҳаракатлари билан 1964 йили бунёд этилган эски идора биноси қайта таъмирланиб, ажойиб манзара касб этди. Ёш келса ишга, деб шуни айтса керак. Жамоат ташкилотлари раҳбари, қишлоқ оқсоқоллари раиси сифатида менга ҳам шу бинодан хона ажратишди. Улар доимо ҳамқишлоқларимиз билан гавжум.

   – Қишлоқда тартиб-интизом, этнослараро тотувлик, тўй-таъзия маросимларини бугунги кун талаб даражасида ихчам ўтказиш масалалари қандай ҳал бўлмоқда?

   – Мен биринчи навбатда, ҳар бир қишлоқдаги тартиб, тотувлик учун шу қишлоқ фуқаролари, раҳбарлар, хусусан жамоат ташкилотлари етакчилари масъул, деган фикрдаман. Полиция участка инспекторлари ўз йўлига. Чўрноқдаги воқеалар барчамиз ва ҳар биримиз учун бугун ва келажакка муҳим сабоқдир. Сир эмас, замонамиз одамлари муросадан кўра кўпроқ можарога мойил. Сабр тоқат, маданият, муомала, ўзаро ҳурмат-иззат каби фазилатлар ўрнини такаббурлик, тоқатсизлик, асабийлик, қилдан қийиқ излаб, бир-бирини ҳақорат қилишга интилиш каби иллатлар эгаллаган. Биз, барчамиз шу нарсадан огоҳ, эҳтиёткор бўлиб имкон қадар сабрли бўлиб, бирлик, тотувлик, ҳамкорлик каби қадриятларни асраб-авайлаб сақлашимиз, ёшларни мунтазам тарбиялаб боришимиз даркор. Ўн мингдан зиёд аҳолиси бор катта қишлоқ бўлгач, катта-кичик муаммолари туғилиб туради. Бу – ҳаёт қонуни. Кимдир қўшниси билан сув талашиб қолади, кимнингдир экинига бировнинг моли тушиб кетади ва ҳоказо. Қишлоғимизда юз берган ҳар бир воқеага шошқалоқлик билан миллий тус берилмаслиги учун муттасил тушунтириш ишларини олиб борамиз. Биз муаммоли вазиятлар туғилганида дарров ҳар бир қишлоқдаги етакчи оқсоқолларни тўплаб, рўй берган можаро шов-шувга айланмасдан ҳал қилиб, томонларни тотувлаштириб муросага келтирамиз. Шу ўринда, жамоат ишларида фаол ҳамқишлоқларимиз Эркин Дадашев, Ҳабибулло Мустафоев, Жумадулла Абенов, Абдуназар Жумабоев, Анорбай Бухорбоев, Тошпўлат Зоидхонов, Саиджон Абдуллаев, Тойиб Абдувоҳидов, Собир Азимов, Қирқимбай Кумисбаев каби инсонлар номини миннатдорчилик билан тилга олмоқчиман. Улар жамоат ишларида, хусусан, эл бирлиги, тотувлиги, тинчлиги ва тартиб барқарорлиги учун кўп иш қилишмоқда ҳамда ҳар қандай хизматга тайёр. Кўпчилик номидан бу инсонларга ўз миннатдорчи-лигимни билдираман. Ҳозирги карантин, пандемия шароитида тўй ва таъзия маросимлари қатъий назорат остида. Иштирок этадиган одамлар сони, вақти аниқ белгиланган. Бу борада маҳалла қўмиталари раислари фаол меҳнат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлайдиганим, Ислом динида ҳам, бугунги давлатимиз сиёсатида ҳам исрофгарчилик иллатидан воз кечиб ихчам, ҳар томонлама қулай ҳамда мақбул йўл тавсия этилаётганига одамлар шукроналар айтиб, тартибга амал қилишса, кам бўлмайдилар.

    – Мазмунли суҳбатингиз, вилоят оқсоқоллар кенгашининг фаол аъзоси сифатида Югнакда амалга ошираётган самарали фаолиятингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. 

Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы