ЭРКИН АКА ЭЛ АРДОҒИДА

484 көрілім

Фахрий темирйўлчи, пири бадавлат оила соҳиби Эркин ҳожи Қолимбетов 75 ёшни қаршиламоқда. 1945 йилнинг 5 август куни Туркистон шаҳрига қарашли Югнак қишлоғида дунёга келган Эркин ака бошланғич таълимни ушбу қишлоқда, сўнгра шаҳардаги А.Навоий номли мактабда давом эттирди. Отаси Зиёш ота Холметов ва онаси Шарбон Расул қизи ўғлининг зийраклигини, билимга чанқоқлигини англаб ўрта мактабдан кейин Тошкент шаҳридаги темирйўл машинистлари тайёрлайдиган ҳунар-техника билим юртига бошлаб борди. Ўқишни муваффақиятли тамомлагандан кейин Мурманск диёрига Совет Армияси сафига сафарбар этилди. Сержантлик мактабини ёруғ юз билан тамомлаб, Ленинград ҳарбий округи таркибидаги Петродворецк, Петрозаводск ҳудудларидаги техника қисмида намунали хизмат қилди. Ёшлигидан спорт билан санъатни шерик этган Эркин ака ушбу истеъдодларини ҳарбийда ҳам исботлаб, тенгдошлари орасида илғорлар қаторидан кўринди.

   Ҳарбийдан она юртига эсон-омон келган у дастлабки меҳнат фаолиятини “Локомотив” депосида мастер бўлишдан бошлади. Сўнгра сиртдан Тошкент транспорт техникумига ҳужжатларини топшириб, катта мастер, инженер-технолог, комсомол ташкилоти котиби бўлиб фидокорона меҳнат қилди. Юқорида тилга олганимиздек, ҳозирги Туркистон мусиқа драма театри биноси илгари Шумилов номидаги темирйўлчилар клуби эди. Унинг директори С.Файзирахмонов раҳбарлигида турли бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида иштирок этиб, ўз санъатини томошабинларга ҳавола этиб келди. Ҳам ишда, ҳам жамоат ишларида фаол бўлган Эркин ака темирйўл соҳасида 45 йил меҳнат қилиб, нафақа ёшига етганида “Локомотив” депоси маъмурияти ва ҳамкасблари уни тулпорга миндириб, карнай-сурнай садолари остида темирйўл депосидан уйигача ҳурмат ила кузатиб қўйишгани шонли тарихдир. Унинг кўпйиллик самарали меҳнати темирйўл маъмурияти томонидан муносиб баҳоланганлигини алоҳида тилга олишимиз жоиз.

   2010 йили муборак ҳаж сафарини умр йўлдоши Рўзибка Турсунмат қизи билан (Аллоҳ марҳумани ўз раҳматига олган бўлсин) мусулмоннинг беш фарзининг бирини адо этиб келган эди. Рўзибка опамиз ҳаёт бўлганларида Эркин ака билан бир кунда ўзининг 72 ёшини қаршилаган бўлар эди. Эркин ака умр йўлдоши Рўзибка опа билан муштарак ҳаётлари давомида Раҳматжон, Насиба, Муҳаммаджон, Шоҳида исмли қобил фарзандларни тарбиялаб, вояга етказишди. Бугунда пиру-бадавлат Эркин ҳожи Қолимбетов ширин-шакар неваралар ва эваралар оғушида бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. “Мен велосипедни тўхтамай миниб, кўп ҳаракат қилишни, доим хушкайфият ва хушчақчақ юришни хуш кўраман. Бу инсон соғлиги учун жуда муҳим”,-дейди биз билан суҳбатда жисмонан тетик ҳожи ака. Биз ҳам Эркин ҳожи Қолимбетовни муборак 75 ёш тантанаси ҳамда темирйўлчилар куни, яқиндагина “Улес” хайрия жамоат жамғармаси томонидан тайинланган “Өнегелі азамат” кўкрак нишони билан тақдирлангани муносабати билан чин дилдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, саодат, невара, эвара, чеваралар тўй-тантаналарига бош-қош бўлишига тилакдошмиз.

Райимжон АЛИБОЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы