КАРАНТИНДА СПОРТЧИЛАРИМИЗНИНГ ҲОЛАТИ ҚАНДАЙ?

582 көрілім

Жаҳонни қамраган коронавирус иллати барча соҳага салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақиқат. Шу каби спорт соҳасига ҳам. Жорий йили тўрт йилда бир марта келадиган Токио олимпиадаси билан Европа чемпионати ҳамда бошқа ҳам жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақалар ўтиши керак эди. Афсуски, спортчилар билан миллионлаган мухлислар кутган тортишувли мусобақалар кейинга қолдирилди. Қозоғистонда спорт мусобақалари тўхтаган бир паллада вилоят маркази шаҳримизда спорт соҳасида қандай янгиликлар бор. Яъни Туркистон шаҳрининг спортчилари карантин чоғида нима билан шуғулланмоқда. Биз бугун шу саволларга жавоб излаган эдик.

   Умуман, шаҳар ҳокимлигининг спортни ривожлантириш бўлимининг маълумотига суянсак, бугунда шаҳарда 194 спорт иншоотлари бор. Жумладан, 2 стадион, 5 спорт мажмуаси, 133 спорт ўйин майдонлари, 7 теннис корти, 4 сузиш бассейни, 43 спорт заллари бор. Бўлимга қарашли 5 болалар ва ёш ўсмирлар спорт мактаблари хизмат қилиб, ушбу спорт мактабларида спортнинг 12 туридан 2196 спортчилар билан 56 мураббий ишлайди. Шунингдек, А.Нурмаханов номидаги олимпиада заҳирасини тайёрлайдиган болалар ва ёш ўсмирлар спорт мактабида тарбияланаётган болалар сони 846, мураббийлар сони 50. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг “Марказий сув спорт мажмуаси” давлат коммунал идорасида 117 спортчиларга 5 мураббий сув спортининг сир-асрорини ўргатади. Шу тариқа мураббийлар билан спортчиларни суҳбатга чорласак:

   Абзал ТУРАРОВ, таэквондодан болалар ва ёш ўсмирлар спорт мактабининг мураббийси:

   – Карантиндан кейин таэквондочиларимиз ўз ҳолатига келиши учун камида бир ой вақт керак. Узоқ танаффусдан кейин спортчилар жисмоний томондан тайёр бўлмайди. Шу ҳолатларни инобатга олиб, бугунда онлайн алоқа орқали барча топшириқларни бериб, назорат қиламиз. Албатта, онлайн машғулотдаги юборилган камчиликлар устида ўз вақтида ишласак спортчиларга ижобий таъсирини кўрсатиши аниқ. Июль ойининг ўртасида Нур-Султан шаҳрида ўтадиган болалар орасидаги Қозоғистон чемпионати келаси ойга қолдирилди. Бугунда мусобақага пухта тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз. Жами онлайн топширма орқали 40-га яқин болага машғулот ўтказмоқдамиз. Худо хоҳласа, жаҳондаги аҳвол барқарорлашиб, спортчиларимизнинг кўк байроғимизни кўкда ҳилпиратадиган қувончли дамларимиз кўп бўлсин, деб тилаймиз.

   Бекзат НУРМУХАМЕД, футболдан Халқаро турнирларнинг совриндори:

   – Футбол –  миллионлар ўйини. Шунингдек, бу спорт турига қизиқмайдиган инсон бўлмаса керак. Ўзим ҳам шу спорт тури билан шуғулланаётганимга 3 йил бўлди. Мураббийимиз Серик Пиримжанов футбол фахрийси, бир вақтлари “Ясси-Рахат” футбол жамоасининг мураббийси бўлган. Тажрибали мураббийимиздан ўрганганимиздан ўрганадиганимиз кўп ҳали. Умуман футбол жамоавий ўйин эканлигини ҳар доим айтади, шунингдек, тажрибамизни ошириб, футболнинг сир-асрорини чуқур ўзлаштиришга маслаҳат беради. Ҳафтасига 4 марта ўтадиган дарслар видеоролик орқали назоратга олинган. Карантин тугаса бизни Жанатас ва Шардара шаҳрида Халқаро мусобақалар кутмоқда. Умуман олганда, карантин пайтида уй ишларига ёрдамлашишга ҳам кўп вақт ажратмоқдаман. Ота-онам билан мураббийимнинг ишончини оқлаб, келажакда қозоқ футболининг юлдузи бўлишни истайман.

   Умуман олганда халқнинг бўш вақтини унумли фойдаланишга ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, шунингдек ёш ўсмирлар билан ёшларнинг спорт иншоотларини бепул фойдаланиши учун шаҳар таълим бўлими билан, олий ўқув даргоҳлари билан, коллежлар билан, шаҳардаги майдонлар билан шартнома тузилган дейди спорт мутахассислари. Бугунда шаҳарда барча спорт тури – волейбол, бокс, таэквондо, тўғизқумалоқ, баскетбол, қозоқ кураши, самбо, стол тенниси, футбол, енгил атлетика, дзюдо, эркин кураш, сув спортидан онлайн равишда иш олиб бораётганлигига амин бўлдик.

   Жорий йили вилоят марказида 7000 ўринли “Turkistan Arena” стадиони билан ёпиқ бассейн, шунингдек бир неча кичик футбол ҳамда баскетбол, стрит воркаут майдонларини фойдаланишга бериш режаланмоқда. Бу келажакда амалга ошадиган ишлар. Ҳозирча карантин талабларини қатъий сақлаб, фақат спортчиларимиз эмас, ҳар бир шаҳар турғуни соғлом турмуш тарзига амал қилиб, уйларидан чиқмасдан спорт билан шуғулланишлари керак. Бу биринчидан, иллатнинг олдини олиш бўлса, иккинчидан соғлиқларини мустаҳкамлашга мўл имконият беради.

   Келажакда бизни спортчиларимизнинг юқори чўққилардан кўринадиган муваффақиятли кунлар кутмоқда. Илоҳим шундай бўлсин!

 Райимжон АЛИБАЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы