СИНОВ КЎПРИГИ

603 көрілім

Чиқмай туринг кўча-кўйга,
Чиқсангиз ҳам тақинг ниқоб.
Улгургаймиз байрам-тўйга,
Бу кунлар ҳам ўтар шитоб.

Ўтмоқдамиз аҳли жаҳон,
Бу кун синов кўпригидан.
Дарз кетмасин ул ногаҳон,
Гуноҳимиз кўплигидан.

Уйда қолдик, қайнаб чиқсин,
Қалбимиздан тавба, зикр.
Бу кунга ҳам минг бир таҳсин,
Бу кунга ҳам минг бор шукр.

Елкадошлар ул ён – бул ён,
Энг яқини икки қадам.
Мед-ит-Сино урди гирён:
Уйда бўлсин ҳар бир одам!

Ҳар ким тутсин ўз жаҳлини,
Ғаниматдир муросалар.
Соғингандир ўз аҳлини,
Масжид ила мадрасалар.

Ота иллат қуршовида,
Эрса ўғил-қиз олисда.
Ё фарзанд дард оловида,
Ота-она ҳам ожизда.

Зурриёди уйда қолиб,
Бошинда лек шифокорлар.
Иллатми ё игна ғолиб,
Улар асл фидокорлар.

Сино руҳи ҳавотирда,
Ҳавотирга лек ўрин йўқ.
Вабо каби қолиб қирда,
Кетгай иллат, кўнглимиз тўқ.

Яхши ният – ярим давлат,
Тилагимиз эзгу бўлсин.
Яхшиларим, тўкиб савлат,
Савобингиз кўзгу бўлсин!

“Чиқмай туринг остонадан”,
Бу дунёвий хитоб бўлди.
Наҳот дунё сиротидан,
Олиб ўтар ниқоб бўлди.

Акажон ИЗЗАТУЛЛАЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы